Чўнтагидаги нашани уйга ташлаб чиқиш эсидан чиқибди
- Тошкент, бир киши, Тошкент!...
Ангрен марказидан пойтахтга жўнайдиган таксилар қўналғасида етиб келган Диёрбек сўнгги йўловчини кутиб турган ҳайдовчи тарафга юрди. Нархни келишиб, машинага ўтирди. Машина ичидаги қолган уч йўловчи ҳам енгил нафас олди. Ахир улар ҳам ярим соатдан бери охирги тўртинчи ҳамроҳларини кутиб туришганди-да!
Мана, қирмизи рангли Нексия тунги Ангрен кўчалари бўйлаб елиб бормоқда. Диёрбек ҳам бошқа ҳамроҳлари қатори тезроқ манзилга ошиқарди. Йигирма беш ёшли бу йигитча Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирининг талабаси. Кечки пайт пойтахтдаги нуфузли ресторанлардан бирида барменлик қилади. Ҳар қалай ўз кундалик харажатлари учун пул топиб юрибди. Фақат...
Диёрбек чўнтакларини пайпаслаб кўраркан, муҳим нарсани уйда қолдириб чиқмаганини англаб, кўнгли хира тортди. Кийимини алмаштирган пайтда эски шимининг чўнтагидаги нарсаларни уйга ташлаб чиқиш эсидан чиқибди. Энди ортга қайтишнинг иложи йўқ. Нима бўлса бўлар...
...Тошкентга кираверишдаги блокпостда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари машинани тўхтатишган чоғда Диёрбекнинг ичига ғулғула тушди. Оббо, ишқилиб текшириб кўришмасин-да!
Аяган кўзга чўп тушади, деб бекор айтишмас экан. Йигитчанинг олазарак боқишлари ЙПХ ходимининг ўткир нигоҳини четлаб ўтолмади.
- Илтимос, бир дақиқа пастга тушсангиз!
- Менми? - талмовсиради Диёрбек.
- Ҳа, ҳа, сиз!
Тамом ўйлади у блокпост биносига кириб бораркан. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни тинтиш жарёнида чўнтагидан иккита Кент сигаретаси қутисини топишди. Агар қутида одатдагидек сигареталар бўлганида-ку ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Аммо... қутилар ичидан олти граммга яқин марихуана топилди...
Кейинги жараёнлар ўқувчига маълум. Гиёҳванд модаларини ноқонуний олиб юриш ҳам жиноят саналади ва тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
- Мен бу моддани ўзим учун олиб юргандим, - деди Диёрбек Рафиқов суд мажлисида кўз-ёшларини тиёлмай. Анча йилгари уйимиз яқинидаги анҳор бўйида ўсиб ётган ёввойи наша ўсимлигини кўриб, уни юлиб уйга опкелдим. Уйдагилардан яширинча қуритиб, чекиб кўрдим. Кейин яна икки-уч марта марта яширинча чекдим. Қолганини қутичаларга қадоқлаб эски шимимнинг чўнтагига қолиб қўйгандим. Тошкентга келаётиб, уларни уйда қолдириб келишни унутибман...
Ҳар қалай бу Диёрбенинг шахсий эътирофи. Тергов-суриштирув давомида бу гиёҳванд моддани кимдандир олгани ё кимгадир етказиб бермоқчи бўлгани аниқланмади. Шу билан бирга тиббий текширув Диёрбек Рафиқовни гиёҳвандлик дардига мубтало бўлганини ҳам тасдиламади. Ким билсин, ўз вақтида унинг сири фош бўлмаганида, эҳтимол, ана шу дарди бедавога йўлиқиб, ҳам ўзи, ҳам яқинлари, ҳам жамият учун катта хавф туғдирган бўлмармиди?
Ҳар бир хатти-ҳаракат қонуний жазосини олиши лозим. Диёрбек ҳам гиёҳванд моддани қонунга хилоф равишда сақлаб келгани ва олиб юргани учун тегишли жазосини олди.
Гиёҳванндик жамият тараққиётига болта урувчи энг мудҳиш иллатлардан бири. Диёрбек ҳам ўзининг бу ножўя ҳаракати билан ўз шаънига доғ тушириб қўйди. Аммо, ҳали умид бор. Шоядки, бу хатосидан тегишли хулоса чиқариб, келгусида ҳар бир қадамини ўйлаб босса...
Соҳиб Ихтиёр
Manba: www.VaqtQadri.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot #vaqtqadri #hikoyalar #sherlar #mazmunlisatrlar #monologlar #hangomalar #latifalar #qiziqarli #savollar #savoljavob dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Супер Новости:
REKLAMA
|